9 April 2018
Ўзбек

Ўзбекистон Президентининг мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарор билан мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий ҳамкорликнинг қуйидаги шакллари жорий этилди:

Нодавлат боғчалар биноларини қуриш учун, жумладан, фаолият кўрсатувчи давлат боғчалар ҳудудида текинга доимий фойдаланиш учун ер учаскаларини тақдим қилиш;

Мавжуд давлат мактабгача таълим муассаларини жиҳозлаш ва реконструкция қилиш шарти билан нодавлат мактабгача таълим муассасалари объектлари қуриш учун текинга ер учаткаларини бериш;

Бўш турган давлат мулк объектлари, жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат боғчаларини «нол» қийматда сотиш;

Давлат боғчаларининг фойдаланилмаётган бинолари ва корпусларини текинга узоқ муддатли фойдаланишга бериш.

Давлат-хусусий ҳамкорлик шаклига қараб хусусий ҳамкорга қуйидаги инвестициявий мажбуриятлар юклатилади:

Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалардан бўлган муайян миқдордаги тарбияланувчиларга имтиёзли ота-она пулини белгилаш (мазкур ҳудуддаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдордан ошмаган ҳолда);

Хусусий ҳамкорга бириктирилган боғчаларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш.

Давлат-хусусий ҳамкорликда ташкил қилинган нодавлат боғчалар қуйидагилардан озод этилди:

2 йил муддатга белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган жиҳозлар, инвентарлар, ўқув қўлланмалари ва ўйин майдонлари учун божхона тўловларидан;

Фаолиятни бошлаган кундан бошлаб 10 йил давомида давлат мақсадли жамғармаларига барча мажбурий тўловлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан.

Шунингдек, 2018 йил 15 апрелдан ходимларининг ўртача йиллик сони 100 нафаргача бўлган боғчалар кичик тадбиркорлик субъектларига тоифасига киритилди.

Tags: