9 April 2018

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Юксалиш маҳалласида яшовчи 25 нафар бола энди қўшни маҳалладаги мактабгача таълим муассасасига қатнашига ҳожат қолмади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.

Шу маҳаллада яшовчи Мавлудахон Ғафурова ўзи истиқомат қилаётган хонадонда 25 ўринга мўлжалланган нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этди. 55 миллион сўм шахсий маблағ ҳисобига барпо этилган боғчада рус ва инглиз тилларида ҳам машғулотлар ташкил этилди.

— Ушбу масканнинг фойдаланишга топширилиши биз ота-оналар учун ниҳоятда қувончли бўлди, — дейди уй бекаси Зиёдахон Абдуллажонова. — Бу ерда яратилган шароитлар бизга маъқул. Беш нафар ходимларнинг бари малакали. Бу каби эзгу ишларнинг кўлами янада ортишидан умидвормиз.

Бугунги кунда Андижон вилоятида 500 та давлат ва 3 та нодавлат мактабгача таълим муассаси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўзида жами 325 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Улардан 14 таси айнан Булоқбоши туманида фаолият юрита бошлайди.

Ўзбек