9 April 2018
Uzbek

Тошкентда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ташкил этилган мазкур онлайн анжуманга таълим тизимининг барча бўғинлари, ахборот коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳудудлардаги таълим тизими мутасаддилари таклиф этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев ва бошқалар таълим тизимидаги ислоҳотлар халқ билан мулоқот тамойили асосида амалга оширилаётгани, барча жабҳалар ривожида самарадорликни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини лицензиялашни соддалаштириш, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга қулай шароитлар яратиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда лицензия олишда Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза бериш тартибининг жорий этилгани эътиборга молик.

Видеоселекторда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилаётган ишлар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби ва умумий қоидалари, лицензия талаблари, бу борадаги зарур бўладиган ҳужжатлар, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш механизмлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида олиб борилётган чора-тадбирлар кенг ва атрофлича таҳлил этилиб, зарур тавсиялар берилди.

Tags: